BMB HOLDING раиси Ernst & Young Global Consulting халқаро молия бозорларига интеграциялашувини муҳокама қилди
BMB HOLDING раиси Ernst & Young Global Consulting халқаро молия бозорларига интеграциялашувини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу кунларда BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Европа мамлакатларига ишчи сафарини амалга оширмоқда.
Мазкур сафар доирасида жорий йилнинг 28 январь куни Бекзод Маматқулов Италия пойтахти Рим шаҳрида Ernst & Young Global Consulting компаниясининг Италиядаги офиси Президенти маслаҳатчиси Алессандро Момбеллони билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида BMB HOLDING таркибидаги корхоналарни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) тизимига ўтказишни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Холдинг таркибидаги BMB High Tech корхонаси молиявий ҳисоботларни тайёрлашда МҲХС тизимига тўлиқ ўтган бўлиб, 2026 йил якунига қадар яна учта корхона мазкур тизимга тўлиқ ўтиши қайд этилди.
Шунингдек, томонлар BMB HOLDING таркибидаги корхоналар томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга халқаро молия институтлари томонидан инвестициялар ва банкларни молиявий ресурсларини тўғридан тўғри жалб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Самарали ва ишчан руҳда ўтган учрашув якунларига кўра, BMB HOLDING таркибидаги корхоналарни халқаро молиявий ҳисобот стандартларига тўлиқ мослаштириш, шунингдек, уларнинг халқаро молия бозорларига интеграциясини жадаллаштиришга қаратилган аниқ амалий қадамлар режаси бўйича келишиб олинди.
Умуман олганда, мазкур келишувлар Холдинг корхоналари фаолиятида молиявий шаффофликни ошириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.