BMB HOLDING компанияси Латвия элчихонаси вакили билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
BMB HOLDING компанияси Латвия элчихонаси вакили билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 январь куни BMB HOLDING Халқаро муносабатлар департаменти директори Анвар Муминов ҳамда Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Георгий Воевода ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида жаноб Воевода Европа бозорларига дадил кириб бораётган BMB HOLDING фаолияти, унинг таркибига кирувчи корхоналар ҳамда бугунги кунда хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга оширилаётган бир қатор қўшма инвестицион лойиҳалар билан батафсил таништирилди.
Шунингдек, томонлар Холдинг тизимидаги корхоналар томонидан етиштирилаётган ва чуқур қайта ишланаётган турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Латвия бозорига мунтазам равишда экспорт қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Латвия ҳудудида мавжуд эркин иқтисодий зоналардан бирида логистика ва савдо ҳабини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Мазкур ҳаб орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш истиқболлари ҳам мулоқотнинг диққат марказида бўлди.
Дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар Ўзбекистон бозорига киришдан манфаатдор бўлган латвиялик компаниялар билан алоқаларни ўрнатишда, шунингдек, Ўзбекистон бозорида талабгир бўлган маҳсулотларни импорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашиш ҳақида келишувга эришдилар.