Бир гуруҳ украиналик болалар дам олиш ва соғломлаштириш учун Тошкентга етиб келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон томонининг кўмаги билан бир гуруҳ украиналик болалар дам олиш ва реабилитация учун Тошкентга келди. 12 кун давомида улар учун махсус дам олиш ва психологик тикланиш дастури кўзда тутилган. Болалар Украинанинг жанговар ҳаракатлардан азият чекаётган турли вилоятларидан, хусусан, Харков, Херсон, Николаев, Запороже, Суми, Хмелнитский, Лвов ва Киев шаҳарларидан ташриф буюришган.
Украина Элчихонасининг мурожаатига жавобан Ўзбекистон томонининг таклифи ва тўлиқ кўмаги билан ташкил этилган ушбу гуманитар миссия болаларга руҳий мувозанатни тиклашга ҳамда ҳар кунги ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларидан чалғиб дам олишга ёрдам беришни мақсад қилган.
Болалар ва уларнинг кузатувчилари Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди, шундан сўнг улар Тян-Шан тоғлари этагидаги гўзал водийга йўл олишди. Оромгоҳдаги кечки қабул самимий ва илиқ руҳда ташкил этилди.
Ташриф дастури жуда мазмунли бўлиб, бу Ўзбекистон давлат органларининг мисли кўрилмаган даражада жалб этилганидан далолат беради. Уни амалга оширишда мамлакатнинг деярли барча тегишли вазирлик ва идоралари иштирок этмоқда. Ҳар куни болаларни “Миллий қадриятлар куни”дан тортиб, “Спорт ва саломатлик куни”гача бўлган мавзули тадбирлар, ижодий танловлар ва экскурциялар кутмоқда.
Бундай комплекс ёндашув Ўзбекистон томонининг ушбу мураккаб даврда украиналик болаларга ҳар томонлама ёрдам ва кўмак кўрсатишдан чуқур манфаатдор эканини яққол кўрсатади.