Bellissimo Pizza Остонада илк пиццериясини очиб, халқаро экспансияни бошлади
 
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Bellissimo Pizza пиццериялар тармоғи халқаро ривожланишни бошлаб, Қозоғистон пойтахти Остонада ўзининг биринчи шохобчасини очди.
Янги пиццерия шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган «Зелёный квартал» турар-жой мажмуаси ҳудудида иш бошлади. Қозоғистон тармоқ учун биринчи хорижий бозорга айланди ва Bellissimo Pizza вакиллари буни «бренднинг халқаро ривожланишидаги янги босқич» сифатида баҳолашмоқда.
Тармоқ асосчиси Фаррух Абдуллаев Қозоғистонни танлаш стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, шундай деди: «Халқларимиз — маданият, қадриятлар ва ҳақиқий гўштга бўлган муҳаббат билан боғланган биродарлар. Шу боис Остона халқаро бозорга чиқишда биринчи манзилимиз бўлди».
Bellissimo Pizza Kazakhstan раҳбари Магомед Костоев мижозлар ва ҳамкорлар томонидан брендга катта қизиқиш борлигини таъкидлаб, Остонадаги биринчи пиццерия очилиши фақатгина бошланиш эканини қайд этди: «Тармоқ яқин вақт ичида пойтахтда ўз мавжудлигини кенгайтиришни бошлайди».
Режага кўра, сентябрь ойи охирига қадар иккинчи шохобча ишга туширилади, учинчиси эса октябрнинг биринчи ярмида иш бошлайди. Узак муддатли истиқболда, 2028 йилгача Bellissimo Pizza Қозоғистонда тахминан 200 та пиццерия очишни, асосий эътиборни йирик шаҳарларга ва франчайзинг тармоғини ривожлантиришга қаратмоқчи.