Беларусь делегацияси Тошкентга ташриф доирасида Ўзбекистон мебел ишлаб чиқариш соҳасини ўрганди
Беларусь делегацияси Тошкентга ташриф доирасида Ўзбекистон мебел ишлаб чиқариш соҳасини ўрганди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мазкур ташриф жорий йилнинг 23–24 февраль кунлари Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида амалга оширилди.
Дастлаб Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Михаил Мятликов бошчилигида ишбилармонлар мамлакатимизнинг мебель ва ёғочсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Улар замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жиҳозланиш даражаси, маҳсулот ассортименти ҳамда экспорт имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Мебел саноати Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади: соҳада 7 500 тадан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 57 фоизи кичик бизнес субъектларига тўғри келади. 2025 йил якунларига кўра, мебел ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 трлн сўмга етган бўлиб, бу 2024 йил кўрсаткичидан 8,2 фоизга юқори.
Шунингдек, маҳаллий корхоналарда сифат назорати тизими, дизайн ечимлари ва хомашё таъминоти занжири билан танишиб, қўшма ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб бериш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Ташриф якунида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Хусусан, мебель ва ёғочсозлик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, технология алмашинуви ва маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди.