Банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3698-сон, 03.11.2025 й.).
Низом банклар, шу жумладан микромолия банклари томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Қимматбаҳо металлар билан боғлиқ қуйидаги операциялар амалга оширилади:
мижозлар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни банкнинг мобил иловаси орқали сотиб олиш ва қайтариб сотиш;
банклар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни Марказий банкдан сотиб олиш орқали сотиш ва қайтариб сотиб олиш;
банклар томонидан қимматбаҳо металларни электрон (жисмоний бўлмаган) кўринишда сотиш ва қайтариб сотиб олиш.
Банк ва мижоз ўртасида ўлчовли олтин қуймаларни сотиш ва қайтариб сотиб олиш банкнинг мобил иловасида оферта шартномасини тасдиқлаш орқали амалга оширилади.
Тўлов муваффақиятли ўтганидан сўнг банкнинг мобил иловасида мижоз томонидан сотиб олинган олтин қуйманинг «махфий код»и акс эттирилади.
Мижоз сотиб олинган ўлчовли олтин қуймаларни банкдан олиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда банкнинг мобил иловаси орқали келган «махфий код»ни тақдим этади.