Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Молия 15/08/2025 Банклар қарз олувчиларга шартнома имзолашдан олдин хатарлар рўйхатини тақдим этиши шарт бўлади

Банклар қарз олувчиларга шартнома имзолашдан олдин хатарлар рўйхатини тақдим этиши шарт бўлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари учун истеъмолчилар билан ишлашда қўшимча минимал талабларни белгилайдиган буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди.

Регулятор таъкидлашича, амалиётда қарз олувчи ва кафиллар кредит шартномасини имзолар экан, ўз мажбуриятларини бажармаслик оқибатларини тўлиқ англамайдиган ҳолатлар учраб туради. Бу кейинчалик қарзни қайтаришда қийинчиликларга, кредит тарихида кечиктирилган тўловлар қайд этилишига ва янги кредит олиш имконияти чекланишига олиб келади.

Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида кредит хатарлари баён этилган стандартлаштирилган чек-лист жорий этиш таклиф қилинмоқда. Қарз ажратиш бўйича ижобий қарор қабул қилингач, лекин шартнома расмийлаштирилишидан олдин банк мижозга ушбу ҳужжатни беришга мажбур бўлади. Имзоланган ёки электрон тарзда тасдиқланган чек-листсиз шартнома тузиш тақиқланади.

Шунингдек, банклардан молиявий қийин аҳволга тушган ёки форс-мажор ҳолатида қолган мижозлар учун кредитларни реструктуризация қилиш ички тартибини ишлаб чиқиш ва ўз сайтларида эълон қилиш талаб этилади.

Хусусан, ҳужжатда туғруқ таътилида бўлган аёллар учун қарз тўлаш муддатини 10 ойгача узайтириш имконияти назарда тутилиши керак. Марказий банк фикрича, амалдаги реструктуризация жараёнлари ҳозирда ноаниқ ва мижозлар учун шаффоф эмас.

Банк хизматларида носоғлом амалиётлар рўйхатига қўйидагиларни қўшиш таклиф қилинмоқда:

— аризада кўрсатилганидан ортиқ суммада кредит беришни мажбурий тарзда таклиф қилиш;

— қарзни ижтимоий нафақа ва бошқа давлат ёрдами ҳисобига ундириш, шунингдек “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 69-моддасида назарда тутилган маблағлардан ҳисобдан чиқариш;

— шартнома ёки графикда кўрсатилган муддатдан олдин қарзни тўлашни талаб қилиш (қонун ёки автотўлов ҳолатларидан ташқари).

Алоҳида тарзда, мобил иловаларда “қоронғи паттернлар” — олдиндан қўйилган белгилар, автоматик тўлдирилган маълумотлар ва матн билан тўлиқ танишмасдан розилик шаклларини қўллашга чекловлар киритилади. Мижоз барча параметрларни, жумладан кредит ҳисоботи сўрови, рекламага розилик, масофавий хизматлар уланиши, тариф ва умумий шартлар тасдиғини, яшаш манзилини шахсан танлаши ва тўлдириши керак бўлади.

Шартномага розиликни мобил илова орқали тасдиқлаш фақат уни тўлиқ кўриб чиққандан сўнг мумкин бўлади.

Лойиҳа тайёрланишида ЕИ, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Бразилия ва Ҳиндистон тажрибалари ўрганилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг