БААда жойлашган GSU Yashil Energyкомпаниясининг асосий улушини сотиб олади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Энергетика вазирлигида БААнинг Global South Utilities (GSU) компанияси бош ижрочи директори Али Алшиммари ва “Masdar” компанияси бош менежери Мадди Нираж Кумар билан учрашув бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил БАА пойтахтида бўлиб ўтган саммитда илгари сурган вазифалари ижроси юзасидан БААнинг қатор компаниялари билан ҳамкорликда «яшил» энергетика соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда қуёш ва шамол электр станциялари ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажми 8 млрд кВт·соатдан ошди.
Юртимизда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари улушини янада ошириш, бу борадаги ишларни жадаллаштириш, соҳага янгича ёндашувларни татбиқ қилиш мақсадида gsu компанияси билан шартномалар имзоланди.
GSU компанияси “Yashil Energy” МЧЖга 27 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади.
“Яшил Энергия” компанияси ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ҳамда эксплуатация қилиш ишларини олиб боради.
GSU компанияси билан ҳамкорликда кичик қувватли қуёш ва гидроэлектр станциялари ҳамда электромобилларни юқори тезликда зарядлаш станцияларини қуриш ишлари жадаллаштирилади. Шунингдек, ушбу «яшил» энергия манбаларига замонавий техник хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилади.
Учрашувда томонлар «яшил» энергия манбаларини ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштиришга келишиб олдилар.