БАА 2026 йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади
БАА 2026 йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили ва бош музокарачи Азизбек Урунов БАА ташқи савдо вазири доктор Тани Ал Зaйудий билан самарали учрашув ўтказди.
Томонлар жаҳон савдосидаги долзарб тенденциялар, ЖСТ фаолияти ва ташкилотда олиб борилаётган ислоҳотларни муҳокама қилдилар. Доктор Тани Ал Зaйудий БААнинг кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясини яна бир бор тасдиқлаб, келгуси йили Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Азизбек Урунов ташкилотга муваффақиятли кириш Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда янги имкониятлар очиб беришини ва минтақа доирасидаги шерикликни кенгайтиришга туртки бўлишини таъкидлади.
Музокаралар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва глобал иқтисодий тизим доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини кўрсатиб берди.