«Айритом» чегара божхона постида реконструкция ишлари жадаллик билан давом этмоқда
«Айритом» чегара божхона постида реконструкция ишлари жадаллик билан давом этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитаси Раис маслаҳатчиси И. Мухторов, бошқарма бошлиқлари Э. Салихов, А. Дусмухамедов ҳамда масъул ходимлар «Айритом» чегара божхона постида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари билан яқиндан танишди.
«Айритом» чегара божхона постининг ўтказувчанликни оширишда техник воситалар ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда транспорт назорати тизимларини жойлаштириш ошириш масалалари ўрганилди.
Мамлакатимиз ташқи савдо кўрсаткичларининг ўсиши мазкур пост фаолиятида ҳам акс этмоқда. 2025 йилда пост орқали 1,1 миллиондан ортиқ жисмоний шахс ҳаракатланган бўлса, жорий йилда бу рақам 1,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Юк автотранспортлари оқимининг ортиши инфратузилмани кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан 2026 йилда постда кенг кўламли қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Реконструкция доирасида ёпиқ айвонлар барпо этилиб, бир вақтнинг ўзида 12 та юк автотранспортини божхона кўригидан ўтказиш имконияти яратилади (ҳозирда — 4 та).
Шунингдек, мазкур божхона постида Афғонистондан кириб келаётган ва чиқиб кетаётган фуқароларга қулайлик яратиш учун замонавий фуқаролар йўлаклари барпо қилинмоқда.