Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-153-сон, 30.04.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланди.
Ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картаси, банк ҳисобрақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилади.
Жиноят қонунчилиги билан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилади.
Жиноят содир этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш жавобгарлик ҳамда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланади.
Ҳар ой якуни бўйича тизимида энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади.
Марказий банк томонидан аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”) аломатларини аниқлаш ҳамда улар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш тизими йўлга қўйилади.
Республика миқёсида ҳар йилнинг ноябрь ойи “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинади
Кибержиноятларнинг шакллари ва уларни содир этиш усуллари тўғрисида огоҳлантириш учун интернет ва ижтимоий тармоқлардаги мақсадли (таргет) реклама хизматидан бепул тарзда фойдаланилади.
Марказий банк 2025 йил 1 сентябргача қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чораларни амалга оширади:
банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг транзакциялари ва бошқа зарурий маълумотларини Марказий банкнинг ягона платформасига интеграция қилиш;
Марказий банкда марказлашган антифрод тизимини ҳамда банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг антифрод тизимларини жорий этишни якунига етказиш.