АУИС трансчегаравий лойиҳалар портфелини шакллантириб, минтақа салоҳиятини инвесторларга тақдим этмоқда
АУИС трансчегаравий лойиҳалар портфелини шакллантириб, минтақа салоҳиятини инвесторларга тақдим этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон–Ўзбекистон Инвестиция Компанияси (АУИС) “SuperReturn Japan-2025” инвестиция конференциясида иштирок этиб, ўз инвестиция стратегиясини тақдим этди ҳамда халқаро инвесторлар билан қатор дастлабки келишувларга эришди.
Компаниянинг инвестиция устувор йўналишлари шарҳида АУИС бош директори Назим Гаджиев компания қайта ишлаш саноати, транспорт ва логистика, энергетика, соғлиқни сақлаш, шунингдек финтех ва IТ соҳаларидаги лойиҳаларга эътибор қаратаётганини таъкидлади. “Бизнинг мақсадимиз — 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги капитални Озарбайжон ва Ўзбекистон иқтисодиётлари учун максимал фойда билан самарали инвестиция қилиш”, — деди у.
Конференция доирасида тўғридан-тўғри битимлар, инвестицияларнинг иккиламчи бозори, хусусий кредитлаш, ESG, энергетик ўтиш лойиҳалари ҳамда Осиё бозорларида рискларни бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
“SuperReturn Japan-2025” доирасида АУИС оилавий капитал инвестиция тузилмалари (family offices), бизнес вакиллари ва молиявий-инвестиция гуруҳлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Учрашувларда қўшма инвестициялар (коинвестиция), капиталда иштирок этиш ва трансчегаравий инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди. Компания бундай ҳамкорликни инвестиция портфелини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжонда халқаро ҳамкорлар иштирокида лойиҳаларни амалга ошириш воситаларидан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Ташриф давомида АУИС делегацияси “Kitahara” гуруҳи таркибидаги тиббиёт муассасалари, жумладан “Kitahara Hospital” клиникалар ва реабилитация марказида бўлди. Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Ташриф якунида АУИС ва “Kitahara” ўртасида ўзаро Anglashuv memorandumi (MoU) имзоланди. Мазкур ҳужжат қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади.
Маълумот ўрнида, АУИС инвестиция портфели 80 миллион АҚШ долларидан ошган бўлиб, компания лойиҳалари Ўзбекистон ва Озарбайжонда муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ташаббуслар саноат, логистика, агроқайта ишлаш ва энергетика соҳаларини қамраб олиб, икки давлат ўртасидаги қўшма иқтисодий лойиҳалар ривожига ҳисса қўшмоқда.
Компания 2023 йилда 500 миллион АҚШ доллари устав капитали билан қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.