Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талаблар белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган” асосий талаблар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3684-сон, 08.10.2025 й).
Мазкур асосий талаблар лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган ва фойдаланилаётган атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг эҳтимолий кўрсаткичларини ҳисоблаш;
оғир авариялар ва катта авариявий ташланмалар эҳтимолини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган норматив чегаралар билан таққослаш;
атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда устуворликларни белгилаш;
атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини) модернизация қилиш тадбирларининг атом электр станцияси блоки хавфсизлигига таъсирини баҳолаш.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:
xавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блоки тизимларининг ишончлилигини баҳолаш;
назорат ва текширув ишларини режалаштириш ва баҳолаш;
лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхатини асослаш;
лойиҳадан ташқари авариялар рўйхатини асослаш.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот масъул ҳисобланади.