Архив иши соҳаси рақамлаштирилади
Архив иши соҳаси рақамлаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, архив соҳасини 2030 йилгача рақамлаштириш ва соҳада самарали бошқарув тизимини яратишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
Миллий архив фонди ҳужжатлари рақамлаштирилишини 60 фоизга етказиш;
электрон хизмат кўрсатиш улушини 100 фоизга етказиш ҳамда хизмат кўрсатиш муддатини камида 3 бараварга қисқартириш;
2026 йил 1 июндан архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланиладиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади.
Архив ҳужжатларини рақамлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1-босқичда (2025–2027 йиллар) – алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, мол-мулк ва ерга оид архив ҳужжатлари;
2-босқичда (2028–2029 йиллар) – кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари;
3-босқичда (2030 йилдан) – Миллий архив фондининг бошқа архив ҳужжатлари.
“Ўзархив” агентлигининг давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш ишларига RFID (радиочастотали идентификация) технологияси жорий этилади.
2026 йил 1 июндан ушбу технология Ўзбекистон миллий архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан ишлашда мажбурий қўлланилади.
2026 йил 1 августдан қуйидаги давлат архивлари функциялари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади:
Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
йиғмажилдлар рўйхатини тузиш ва расмийлаштириш, уларга оид илмий-маълумотнома аппаратини тузиш, келишиш, тасдиқлаш;
давлат архивлари томонидан архив ҳужжатларини қабул қилиш, фойдаланишга бериш;
корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатларини ҳуқуқий ворисларида сақлаш масаласини давлат архивлари билан келишиш;
давлат архивларига архив ҳужжатлари топширилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг ягона рўйхатини шакллантириш.