Ар-Риёдда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг ва Ўзбекистонга сармоя киритинг” бизнес-нонуштаси ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ар-Риёд шаҳрида (Саудия Арабистони) Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 26-сессияси доирасида мамлакат туризм инфратузилмасига инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро брендлар иштирокини кенгайтиришга бағишланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг ва Ўзбекистонга сармоя киритинг” бизнес-нонуштаси бўлиб ўтди.
Тадбирда 40 дан ортиқ халқаро туризм бизнеси вакиллари, инвесторлар ва бошқарув компаниялари иштирок этди. Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти, жумладан, меҳмонхона фонди, транспорт ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси, маданий-кўнгилочар кластерлар соҳасидаги лойиҳаларнинг кенгайтирилган тақдимоти намойиш этилди.
Хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар, бошқарувнинг илғор стандартларини жорий этиш, мамлакатимиз ҳудудларида йирик сайёҳлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бизнес-нонушта янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, таклифлар алмашиш ва туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун самарали платформага айланди.