АҚШ маъмурияти Марказий Осиё ва Африка мамлакатлари фуқаролари учун кириш чекловларини жорий этмоқчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ маъмурияти 36 та мамлакат, жумладан, Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун мамлакатга киришда янги чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда, деб хабар беради The Washington Post нашри Давлат департаменти ҳужжатларига таянган ҳолда.
Рўйхатга 25 та Африка давлати — мисол учун Миср, Жибути, Ангола, Камерун, Нигерия ва шунингдек, Осиё ва Океаниядан Камбоджа, Сурия, Бутан, Тувалу ва Тонга каби мамлакатлар киритилган. Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон қайд этилган.
Маълумотларга кўра, мазкур ташаббус Дональд Трамп маъмурияти давридаги муҳожират сиёсатига қайтиш йўлидаги навбатдаги қадам ҳисобланади. Давлат котиби Марко Рубио имзолаган ҳужжатда қайд этилишича, рўйхатдаги давлатлар бир қатор талабларга жавоб бермайди. Ушбу давлатлар 60 кун ичида камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриши шарт, акс ҳолда чекловлар кучга киради.
Асосий эътирозлар сифатида ушбу мамлакатларда ишончли ҳужжатлар бериш бўйича расмий ваколатли органлар мавжуд эмаслиги, шунингдек, қаллоблик ва суиистеъмол ҳолатлари даражасининг юқорилиги кўрсатилган. Шу билан бирга, ҳужжатда таъкидланишича, бу давлатлар фуқаролари кўп ҳолларда АҚШ ҳудудида қолиш муддатларини бузишади.
Айни пайтда Давлат департаменти ва Оқ уй ушбу маълумот юзасидан расмий изоҳ беришдан бош тортган.