АҚШ Федерал суди Трамп маъмуриятининг глобал импорт божларини ноқонуний деб топди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШдаги федерал суд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган кенг қамровли импорт божларини ноқонуний деб топди. Бу қарор собиқ президент Дональд Трампнинг савдо сиёсатидаги асосий элементларидан бирига шубҳа туғдиради.
Суд хулосасига кўра, «Озодлик куни божлари» деб аталувчи тарифлар, шунингдек, Трамп маъмурияти томонидан Конгресс розилигисиз жорий этилган бир қатор бошқа божлар ҳуқуқий кучга эга эмас.
Ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, Трамп ташқи савдони тартибга солиш борасида Конгресс ваколатларини ортиқча бажарган, чунки бундай ваколат фақат Конгресс ихтиёрига киради.
Сўз, жумладан, Хитойдан олиб келинадиган товарларга 30 фоиз, Мексика ва Канададан импортга 25 фоиз, ҳамда бошқа маҳсулотларга умумий 10 фоизлик божлар ҳақида кетмоқда. Фақат автомобиллар, пўлат ва алюминий учун жорий этилган божлар мустасно бўлиб, улар бошқа қонунчилик асосида киритилган.
Суд таъкидлаганидек, Трамп таянаётган ҳуқуқий база бу турдаги божларни жорий этишни назарда тутмайди ва савдо уруши олиб бориш учун қонуний асос бўлолмайди.
Оқ уй бу қарорга аппеляция киритган, бироқ агар суд қарори ўз кучида қолса, бу АҚШ президентининг якка ҳолда иқтисодий санкциялар ёки божларни жорий этиш имкониятларини жиддий чеклайдиган ҳуқуқий прецедент яратади. Мутахассислар бу қарорни АҚШнинг келгуси савдо сиёсати учун ҳал қилувчи, шунингдек, нархлар ошишидан жабр кўрган кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун енгиллик сифатида баҳоламоқда.
Бу божлар 2 апрель куни Трамп ташаббуси билан жорий этилган, у уларни «иқтисодий тажовуз» ва наркотиклар оқимига қарши кураш учун зарур деб эълон қилган эди. Бироқ суд бу таҳдидлар ва уларга нисбатан қўлланилган ҳуқуқий механизм асосли эканини тасдиқловчи далиллар топмади.
Ишга, бизнес жамоалари билан бир қаторда, Демократик партия вакиллари бошқараётган 12 та штат ҳам даъво аризаси билан мурожаат қилган.