Валюта курслари 09/07/2025
$1 – 12712.09
UZS – 0.28%
€1 – 14927.81
UZS – 0.36%
₽1 – 162.64
UZS – 1.0%
Қидириш
Молия 04/07/2025 Anorbank: Олимов билан боғлиқ ҳолат банк фаолиятига дахлдор эмас

Anorbank: Олимов билан боғлиқ ҳолат банк фаолиятига дахлдор эмас

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Anorbank Франция пойтахти Парижда банкнинг акциядорларидан бири билан боғлиқ воқеа ҳақида ОАВда тарқалган маълумотларга муносабат билдирди.

Аввалроқ француз нашри Le Monde 48 ёшли Кахрамонжон Олимов — банкнинг мулкдорларидан бири экани ва у Париж марказида ўғирланиб, зўравонликка учрагани ҳамда гаровпул тўланганидан кейин озод этилгани ҳақида хабар қилган эди.

Anorbank’нинг расмий баёнотида таъкидланишича, мазкур воқеа шахсий хусусиятга эга бўлиб, банк фаолияти билан боғлиқ эмас.

«Инцидент Anorbank’нинг операцион фаолиятига таъсир қилмайди. Барча филиаллар, хизматлар ва рақамли каналлар одатдаги тартибда ишламоқда. Жорий ва стратегик лойиҳалар белгиланган режалар асосида амалга оширилмоқда», — дейилади баёнотда.

Банк ОАВ вакилларини ахборот тарқатишда этика қоидаларига риоя қилишга, тасдиқланмаган маълумотларни чоп этмасликка ҳамда жабрланувчи шахснинг шахсий дахлсизлигига ҳурмат билан ёндошишга чақирди.

Шунингдек, банк ҳодиса юзасидан ортиқча муҳокамалар тергов жараёнига ва жабрланувчининг шахсий ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Anorbank ўз баёнотида воқеага нисбатан тўғри ва инсофли муносабат билдирган мижозлар, ҳамкорлар ва ходимларга миннатдорчилик изҳор этди:

«Ахборот майдонида сезгирлик юксак бўлган бу даврда биз ишонч, садоқат ва қўллаб-қувватлашни алоҳида қадрлаймиз. Бу биз ва жамоатчилик ўртасидаги мустаҳкам ўзаро ишончни, шаффофлик ва масъулият принципларига содиқлигимизни тасдиқлайди».

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг