Валюта курслари 28/08/2025
$1 – 12412.98
UZS – 0.47%
€1 – 14386.64
UZS – 0.01%
₽1 – 154.28
UZS – 0.23%
Қидириш
Маданият 28/08/2025 Андреа Бочелли Самарқанддаги Регистон майдонида концерт беради

Андреа Бочелли Самарқанддаги Регистон майдонида концерт беради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 1 сентябр куни Самарқанднинг тарихий Регистон майдонида жаҳонга машҳур италиялик тенор Андреа Бочеллининг концерти бўлиб ўтади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда мамлакат Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Концерт очиқ осмон остида, Самарқанд меъморий ансамбли манзарасида ўтказилиб, унда жаҳон классик мусиқаси дурдоналари ва машҳур асарлар ижро этилади.

Кечанинг махсус меҳмони сифатида таниқли опера хонандаси Аида Гарифуллина иштирок этади. Шунингдек, дастурда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ва юртнинг энг яхши хор жамоалари саҳнага чиқади.

Андреа Бочелли — италия вокал анъанасининг рамзи, Grammy ва Latin Grammy мукофотларига олти марта номзод бўлган, 90 миллиондан ортиқ ёзувлари сотилган машҳур санъаткор. Унинг концертлари АҚШ президентлари, Рим папалари, Британия қироллик оиласи аъзолари, Олимпия ўйинлари ҳамда йирик халқаро маданий форумларда бўлиб ўтган.

2011 йилда у Andrea Bocelli Foundation ташкил этган бўлиб, жаҳон миқёсида маданий ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бочеллининг Регистон майдонидаги концерти мазкур фонднинг халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни глобал маданий мулоқот маркази сифатида тарғиб этиш ва ижодий индустрияларни ривожлантириш миссиясининг давоми бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг