Андижонда янги лойиҳа: 24/7 фаолият юритадиган кўчалар ташкил этилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳа, Ўрикзор маҳалласи ҳудудида янги форматдаги кўчалар 24/7 тизимида иш бошлайди.
Ушбу лойиҳа доирасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўнгилочар масканлар, озиқ-овқат дўконлари, тез тайёрланадиган таомлар (фастфуд) шохобчалари, шунингдек, сайр қилиш ва дам олиш учун махсус зоналар ташкил этилиши режалаштирилган.
Бугун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур ҳудудга ташриф буюриб, амалга оширилаётган қурилиш ва лойиҳа ишлари билан яқиндан танишди.
Тадбирда нуронийлар ҳам ўзгаришлардан хурсанд эканликларини, кўплаб янги уйлар, бинолар қад ростлаётганлиги аҳоли кайфиятига ҳам ижобий таъсир қилаётганлигини айтишиб, бошланган ишлар баракали, хайрли бўлишлигини тиладилар. Қуръон тиловат қилиниб, яхши ниятлар билан дуо-фотиҳалар қилинди. Шундан сўнг навбатдаги қурилиш ишларига старт берилди.
Ушбу ташаббуслар Андижон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилади ва янги иш ўринлари яратиш, аҳолига янада кенг имкониятлар яратиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.