Андижонда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси доирасида логистика маркази қурилиши муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — China State Railway Group Co., Ltd бош директори ўринбосари Ван Лисин раҳбарлигидаги делегация Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Андижон темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.
Шундан сўнг логистика маркази лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, марказ учун ажратилиши режалаштирилган ҳудудда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Бобур музейида бўлиб, ҳудуднинг тарихий ва маданий мероси билан танишдилар.
Ушбу ҳамкорликдаги янги лойиҳалар минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатларининг транспорт коридорларини диверсификация қилиш ҳамда минтақанинг халқаро транспорт-транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.