Андижонда масжидда газ портлаши сабабли юз берган фожеа тафсилотлари ўрганилмоқда: уч киши ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Андижон вилояти Избоскан туманидаги масжидда содир бўлган портлаш ҳолатини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссиясини ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Комиссияга Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов раҳбарлик қилмоқда. Матбуот котибининг сўзларига кўра, комиссияга содир бўлган воқеа сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, қарорда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оиласига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, жумладан тиббий ёрдам бериш масаласи ҳам назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 31 март куни туш пайтида масжид ҳудудида жойлашган таҳоратхонада содир бўлган. Газ портлаши натижасида бинолар деворлари ва том қисми қулаган.
Ҳодиса жойига тезкор равишда икки қутқарув гуруҳи ва икки ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган. Фожеа оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна ўн киши жароҳат олди.
Ҳодиса жойига вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов, Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев ҳамда Фарғона водийсида бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов ташриф буюрди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалок бўлган ва жароҳатланган шахслар рўйхатини эълон қилди. Ҳалок бўлганлар: М. Абдуллаев, Ж. Анваров, Б. Бурхонов. Жабрланганлар: Г. Тойлоқов, А. Абдираҳимжонов, Х. Зуҳриддинов, И. Раҳимов, М. Маматураимов, И. Шомуродов, Қ. Қосимов, У. Болтабоев, М. Абдураҳмонов, М. Болтабоев. Барча жабрланганлар шифохонага ётқизилган ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.