Андижонда Huawei билан ҳамкорликда “ақлли ҳудудлар” яратилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитойнинг Huawei Technologies компанияси Вице-президенти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида шаҳар ва туман ҳокимларининг рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозимига муносиб кадрларни танлаб олиш, шунингдек, Huawei компаниясининг рақамли трансформация соҳасидаги илғор тажрибаси билан танишиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда вилоятда ҳукумат хизматларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда Андижон шаҳрини “ақлли шаҳар”га айлантириш бўйича махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш режалаштирилди.
Шунингдек, Huawei компаниясининг технологик ечимларидан фойдаланган ҳолда Андижон вилоятида “ақлли ҳудудлар”ни барпо этиш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Келишувга кўра, мазкур лойиҳалар яқин келажакда босқичма-босқич амалга оширилади.
Huawei Technologies – глобал телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида етакчи компания бўлиб, давлат идоралари ва йирик ташкилотларга рақамли трансформация жараёнларини самарали амалга оширишда кўмаклашиб келмоқда.