Андижон вилоятида қарийб 3 килограмм гашиш гиёҳванд моддасини ноқонуний олиб ўтган икки киши қўлга олинди
Андижон вилоятида қарийб 3 килограмм гашиш гиёҳванд моддасини ноқонуний олиб ўтган икки киши қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги йўл-патруль хизмати масканида тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, "Андижон – Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси тегишли тартибда тўхтатилиб текширилганда, уни бошқариб кетаётган, Андижон шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. Ж.Р.га тегишли 2 кг 994 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги ҳисобланган, 1993 й.т. Ғ.Н. ҳам қўлга олинди.
Аниқланишича, улар Қирғиз Республикасидаги наркосавдогарлардан 23 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, контрабанда йўли билан мамлакатимизга келтирилган гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳрида сотмоқчи бўлишган.
Ҳозирда оғуфурушларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлар олиб борилмоқда.