Андижон вилоятида она ва қиз 819 миллион сўмлик олтинни яширинча олиб ўтишга уринган пайтда қўлга олинди
Андижон вилоятида она ва қиз 819 миллион сўмлик олтинни яширинча олиб ўтишга уринган пайтда қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Товар-моддий бойликларнинг мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Жумладан, Балиқчи туманида яшовчи, 1985 й.т. аёл ва унинг 2006 й.т. қизи умумий баҳоси 819 млн сўмни ташкил этувчи, 7 дона ностандарт шаклдаги, жами 473 гр олтин қуймаларни кийимлари остига яширган ҳолда Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали Қирғиз Республикасига олиб ўтмоқчи бўлган вақтларида тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.