Андижон вилояти делегацияси Хитойда расмий музокаралар олиб бормоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Сафар доирасида қатор провинциялар ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Учрашувлар Jiangxi провинциясининг иқтисодий маркази ҳисобланган Nanchang шаҳридан бошланди. Мазкур шаҳар Хитойнинг халқаро савдо ва экспорт соҳасида муҳим ўрин тутади. Бу ерда асосан механика, электроника, тўқимачилик ва аграр маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилган.
Делегация аъзолари Nanchang да жойлашган “Jiangxi Changnan Construction Group” компанияси раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик доирасида архитектура ва муҳандислик лойиҳаларини амалга ошириш, инфратузилма қурилиши ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларига сармоя киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, “Jiangxi Changnan Construction Group” — Хитойнинг энг йирик қурилиш компанияларидан бири бўлиб, унинг лойиҳалари мамлакатнинг турли ҳудудларида, шу жумладан йирик шаҳарларда муваффақиятли амалга оширилган.
Ташриф доирасида Андижон вилояти делегацияси томонидан ҳудудга хорижий сармояларни жалб этиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор амалий келишувларга эришилиши кутилмоқда.