Андижон ва Қошғар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги Қашқар шаҳрининг ҳокими бошчилигидаги расмийлар ва тадбиркорлардан иборат делегация Андижонда бўлиб, икки томонлама манфаатли ҳамкорликка келишилди.
Бугун меҳмонларни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қабул қилди. Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий, маданий, транспорт-логистика, туризм ва кўплаб соҳаларда кенг кўламли ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани, мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги алоқалар изчил ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, музокараларда эришилган келишувлар натижасида, Андижон шаҳар ҳокимлиги ва Қашғар шаҳри Халқ ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик келишуви имзоланди.