Валюта курслари 16/10/2025
$1 – 12233.67
UZS – 0.4%
€1 – 14233.88
UZS – 1.08%
₽1 – 154.84
UZS – 1.48%
Қидириш
Анъаналардан технологиягача: Римдаги Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги бўйича ёндашуви

Анъаналардан технологиягача: Римдаги Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги бўйича ёндашуви

Анъаналардан технологиягача: Римдаги Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги бўйича ёндашуви

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13–17 октябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Римдаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва глобал ечимлардаги ҳиссасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Италиядаги Тускиа университети (University of Tuscia) талабаларидан иборат Ўзбекистон ёшлари делегацияси ҳам фаол иштирок этди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми — ФАОнинг асосий глобал ташаббусларидан бири бўлиб, аграр озиқ-овқат тизимларини ислоҳ қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарорлик ва иқлим ўзгариши муаммоларига ечим топишга қаратилган. Бир ҳафта давом этувчи ушбу форум доирасида мулоқотлар, панель муҳокамалари ва инновацион лабораториялар ўтказилиб, унда дунё етакчилари, экспертлар, халқаро молиявий институтлар ва хусусий сектор вакиллари, жамоатчилик арбоблари, ёшлар ва фаоллар иштирок этади.

Ўзбекистон иштирокидаги тадбир Италиядаги Ўзбекистон элчихонаси, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Шу каби Ўзбекистон ютуқларига бағишланган тадбирлар 2022–2024 йилларда ҳам ўтказилган бўлиб, бу йил ҳам анъанага айланган шаклда мамлакатнинг аграр ютуқлари ва бой маданияти юқори савияда намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ва бош директор ўринбосари Виорел Гутсу ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Мунира Аминова кириш сўзлари билан чиқиш қилдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги ютуқларини ва глобал иқлим ечимларига қўшаётган ҳиссасини таъкидлашдан иборат бўлди. Ўзбек талабалари иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор аграр озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги ўз ташаббуслари билан бўлишдилар.

Меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва унинг қишлоқ хўжалигидаги анъаналарга таъсири билан танишдилар, ёшлар учун таълим ва инновациялар соҳасида яратилган имкониятлар ҳақида маълумот олдилар ҳамда мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳоладилар.

Тадбир самимий муҳитда ўтиб, Ўзбекистонга хос меҳмондўстлик рамзи бўлган анъанавий палов билан якунланди. ФАО бош қароргоҳидаги “Uzbekistan Lounge” номли махсус бурчакда ўтказилган учрашув мамлакатнинг маданияти ва миллий қадриятларини ўзида мужассам этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР