Anadolu Isuzu Самарқанд автомобиль заводидаги 75% улушни 80 млн долларга сотиб олади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг Anadolu Group таркибига кирувчи Anadolu Isuzu автомобиль компанияси «Самарқанд автомобиль заводи» (SamAuto) қўшма корхонаси устав капиталидаги давлат улушининг 75,2 фоизини 80 миллион долларга сотиб олмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) матбуот хизмати хабар берди.
Битимни ташкил этиш учун ДАБА халқаро консалтинг компанияси KPMG’ни молиявий маслаҳатчи сифатида, Dentons’ни эса юридик ҳамроҳ сифатида жалб этди.
Агентлик маълумотларига кўра, Anadolu Isuzu’нинг якуний таклифи нафақат 80 миллион долларлик сотиб олиш нархини, балки шу миқдордаги инвестиция режасини ҳам ўз ичига олади.
«Инвестиция мажбуриятлари доирасида Ўзбекистонда катта сиғимли автобус ва электробуслар (12–18 метр) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мамлакат бўйлаб лицензияланган сервис марказларини ташкил этиш, шунингдек, маҳсулотни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африкага экспорт қилиш назарда тутилган. Бу ташаббус Ўзбекистонда минтақавий транспорт хабини шакллантиришга хизмат қилади», — дейилади ДАБА хабарномасида.
Таъкидланишича, Anadolu Isuzu’нинг нархий таклифи KPMG белгилаган диапазон ва халқаро компания PwC баҳоларига мос келади. Хусусийлаштириш натижалари Давлат комиссияси томонидан маъқулланган. Битимни якунлаш учун Туркиянинг тартибга солувчи органлари розилиги талаб этилади.