"AME" компанияси Қўқон шаҳрида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини барпо этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "AME" компанияси Қўқон шаҳрида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини барпо этади Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Водилдаги "Қабуллар уйи"да Австриянинг “AME International” компанияси вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Қўқон шаҳрида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари мамлакатимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини жорий этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қўқон шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Дастлабки босқичда 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб этилиши режалаштирилган.
Учрашув якунида Қўқон шаҳрида педиатрия ва онкология йўналишлари бўйича болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш борасида меморандум имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, AME соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион инфратузилмалар яратишда катта тажрибага эга компания ҳисобланади. У юқори даражали тиббий хизмат кўрсатувчи шифохоналарни тўлиқ ҳолда қуриш, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими учун рақамли ечимларни ишлаб чиқишда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.