Allegro фарматсевтика кластерида биотехнология лойиҳаларини режалаштирмоқда
Allegro фарматсевтика кластерида биотехнология лойиҳаларини режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 24 ноябрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Белгиянинг “Allegro” биотехнология компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда компаниянинг Ўзбекистонда биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот (R&D) фаолиятини йўлга қўйиш режалари, шунингдек, мавжуд R&D лойиҳаларини мамлакатимизга кўчириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компания остеоартритни даволаш учун мўлжалланган инъекцион гидрогельнинг янги ишланмаси устида олиб бораётган инновацион тадқиқотлари ҳақида маълумот берди.
Суҳбат давомида “Allegro” компаниясига “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери доирасида тақдим этилган ҳуқуқий, институционал ва молиявий имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар якунида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “Allegro” биотехнология компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат келгусидаги биотехнологик қўшма ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.