Валюта курслари 19/08/2025
$1 – 12497.19
UZS – -0.4%
€1 – 14597.97
UZS – -0.46%
₽1 – 155.71
UZS – -0.83%
Қидириш
Ўзбекистон 19/08/2025 Акмал Саидов Хитой делегацияси раҳбари билан учрашди

Акмал Саидов Хитой делегацияси раҳбари билан учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго билан учрашди. Учрашув ХХР делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Хитой делегацияси аъзоларига Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилгани, бу борада миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш борасида тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Хитойда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати натижасида олий қадрият ҳисобланувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим натижаларга эришилгани қайд этилди. Бунда давлат тизимининг дастуриламал ғоялари, асосий фаолияти ва вазифалари халқнинг ўзини ўзи бошқариш, ватанпарварлик, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тамойилларига йўналтирилгани алоҳида аҳамият касб этади.

Хитойнинг инсон ҳуқуқларига ёндашуви Хитой Коммунистик партияси мафкураси ва сиёсатини ривожлантиришни ёрқин ифода этади. Хитой инсон ҳуқуқларининг ҳам умумбашарийлигини, ҳам ўзига хослигини тан олади. Одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш шароитларида Хитой демократияни ривожлантириш, тинчликни сақлаш, тараққиёт жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни рағбатлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини халқаро ҳимоя қилишнинг дастурларини кенгайтириш тарафдоридир.

Цзян Цзяньго Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган тараққиётини юқори баҳолар экан, бу борадаги шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни – беқиёс янгиланишлар, деб таърифлади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббуслари асосида, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилингани эътироф этилди.

Бу борадаги натижадор қадамлар, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси тобора ошиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. Айниқса, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳамкорликда ишлаб чиққан "Цивилизациялараро мулоқот халқаро куни" номли резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон билан Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор аниқ режалар, хусусан:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиялар ва ҳаракатлар режаларини амалга оширишга ёндашувларни ўрганиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан рақамли маконда ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқни таъминлаш каби замонавий таҳдидлар бўйича мунтазам қўшма семинарлар ва конференциялар ўтказиш юзасидан ўзаро келишиб олинди.

Томонлар ушбу келишувларнинг амалга оширилиши икки томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашинувини таъминлаш ва ҳар икки давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Учрашувда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Хитой делегацияси аъзолари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири Эркин Эрназаров ва бошқалар иштирок этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг