Air Marakanda Туркистондан қайта тикланган илк рейсни қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Air Marakanda компанияси Туркистондан амалга оширилган тикланган илк рейсни тантанали тарзда кутиб олди. Шу билан Самарқанд ва Қозоғистон Республикаси шаҳарлари ўртасидаги мунтазам авиақатновлар қайта йўлга қўйилди.
Самолётни қарши олиш маросими доирасида, анъанага мувофиқ, ҳаво кемаси сув аркаси орқали кутиб олинди. Қадимий Самарқандга етиб келган йўловчиларни карнай-сурнай садоларида, миллий руҳ ва меҳмондўстлик муҳитида кутиб олишди.
Янги рейсларнинг очилиши муносабати билан Қозоғистон Республикасининг Самарқанддаги Бош консули, шунингдек Самарқанд вилояти туризм бошқармаси вакиллари иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда туризм салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Самарқанд – Туркестон ва Самарқанд – Остона йўналишлари бўйича авиақатновлар Qazaq Air авиакомпанияси томонидан ҳафтасига икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.