Aion Beverages компанияси 106 та транспорт воситасидан энергетик ичимликлар реклама баннерларини олиб ташлашга мажбур қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси фуқаро мурожаати асосида олиб борган ўрганишлари натижасида “AION BEVERAGES” МЧЖга қарашли автотранспорт воситаларида реклама қонунчилиги бузилган ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан йўлланган мурожаатда тегишли автотранспорт воситасида “Gorilla” энергетик ичимлиги рекламаси кенг тарғиб қилиниши ҳақида эътироз билдирилган.
Олиб борилган текширувларда “AION BEVERAGES” МЧЖга тегишли 106 та автотранспорт воситасида “Gorilla” энергетик ичимлиги рекламаси жойлаштирилгани оқибатида “Реклама тўғрисида”ги Қонун бузилиши аниқланди. Қонуннинг 37-моддаси талабларига кўра ташқи реклама ва ахборот объектлари орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланиши белгиланган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “AION BEVERAGES” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича “AION BEVERAGES” МЧЖ томонидан барча 106 та автотранспорт воситасидаги реклама тўлиқ бартараф этилиши таъминланди.