Афғонистонда «Andijonkabel» 4 млн долларлик меморандум имзолади
Афғонистонда «Andijonkabel» 4 млн долларлик меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 11–12 апрель кунлари Қобул шаҳрида “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида андижонлик тадбиркорлар иштирокида савдо ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу нуфузли тадбирда электротехника саноати корхоналари ҳам фаол қатнашиб, ўз маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенг намойиш этдилар.
Ярмарка доирасида ўтказилган очиқ мулоқотлар ва B2B учрашувлар самарали кечди. Айниқса, Афғонистон бозори вакиллари томонидан кабель маҳсулотлари ҳамда маиший техника воситаларига қизиқиш юқори бўлди.
Бу эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электротехника маҳсулотларига ташқи бозорларда талаб ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, «Andijonkabel» корхонаси томонидан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида меморандум имзоланди.
Айни пайтда томонлар Афғонистон бозори эҳтиёжларига мос маҳсулотларни етказиб бериш бўйича амалий музокараларни давом эттирмоқда.
Мазкур ярмарка Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги экспорт йўналишларини очиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, 2026 йил май ойида Қобул шаҳрида навбатдаги «Uzelectronics» мультибренд савдо маркази ўз фаолиятини бошлайди.