Афғонистонлик инвестор Наманганда логистика компаниясини ташкил қилади
Афғонистонлик инвестор Наманганда логистика компаниясини ташкил қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистонлик тадбиркор Манур Секандер Мансур транспорт логистикаси соҳасида фаолият юритиш учун Наманган вилоятида қўшма корхона ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан бўлиб ўтган ишчи учрашувда маълум қилинди.
Шу йилнинг 28-30 март кунлари Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация қўшни Афғонистонга хизмат сафари билан борди.
Қобул ва Мозори Шарифдаги бизнес форумлар ҳамда икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасидаги учрашувалар самарали бўлди: умумий қиймати 621,3 млн долларлик 27 та келишувлар имзоланди. Жумладан, “Golden egg of Namangan” корхонаси томонидан Мозори Шариф шаҳрида “Ibrаhim Mansoor” компанияси билан ҳамкорликда йирик инвестицион лойиҳага старт берилди.
Афғонистонлик ҳамкорлар ўз навбатида инвестиция киритиш мақсадида вилоятимизга келди. Хусусан, хорижий ҳамкор Mansoor Sekander транспорт логистикаси йўналишида фаолият юритиш учун Наманганда қўшма корхона ташкил этишни мақсад қилган.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Афғонистонлик тадбиркорни қабул қилиб, лойиҳаси билан яқиндан танишди.
Мулоқотда вилоятимизнинг қўшни Қирғиз ҳамда Тожикистон Республикалари билан чегара-божхона масканлари барқарор фаолият кўрсатаётгани, Наманган ушбу йўналишда муҳим аҳамиятга эга локацияда жойлашгани қайд этилди. Айниқса, Хитой халқ Республикаси ҳамда Россия Федерациясидан Афғонистонга олиб келинаётган юкларни ташиш учун бу ҳудуд қулай ҳисобланади.
Дастлаб 50 та, бир йил ичида умумий ҳисобда 1000 та оғир юк ташувчи машина (Фура)лар ушбу логистика хизматидан фойдаланади.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда Наманган-Афғонистон тадбиркорлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамалаш ва кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.