Афғонистонда 220–500 кВ электр узатиш линиялари ва подстанцияларини қуриш бўйича келишув имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 сентябрь куни Афғонистоннинг Қобул шаҳрида энергетика соҳасида инвестицияларни жалб қилиш ва Афғонистон энергетика секторини қўллаб-қувватлашга бағишланган биринчи конференция бўлиб ўтди.
Унда Афғонистон ҳукумати вакиллари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикалари энергетика вазирликлари делегацияси, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.
Конференция доирасида Афғонистонда 220–500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилиши бўйича молиявий шартнома имзоланди ва лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Лойиҳалар 2027 йилнинг биринчи чорагига қадар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Келгусида Ўзбекистон Афғонистон бўйлаб тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, ақлли ҳисоблаш тизимларини жорий этиш орқали соҳада самарадорлик ва шаффофликни ошириш, техник экспертиза орқали ишончли энергия етказиб беришни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Ушбу конференция Афғонистон иқтисодиёти ва минтақанинг барқарор энергия инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.