Афғонистон делегацияси TIIF 2025 форуми доирасидаги миллий кўргазмада иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни пайтда Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегация ташриф дастури доирасида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида илк бор ташкил этилган миллий кўргазмага ташриф буюрди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистоннинг саноат ва инвестиция салоҳиятини кенг қамровда намоён этувчи йирик платформа сифатида ташкил этилган бўлиб, унда 90 дан зиёд маҳаллий компания ўз лойиҳалари ва ишланмаларини тақдим этмоқда.
Меҳмонлар кўргазма экспозициялари билан танишиш жараёнида Ўзбекистондаги турли тармоқлардаги саноат корхоналари, инновацион лойиҳалар, экспорт салоҳияти ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Афғонистон делегацияси ушбу ташриф орқали икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга доир янги имкониятларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.