Афғонистон бозорида чарм-пойабзал маҳсулотларига катта талаб: 9,5 миллион долларлик шартнома имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Мозори-Шариф шаҳрига уюштирилган ишбилармонлик ташрифи доирасида Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатининг экспорт салоҳиятини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва халқаро инвесторлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим музокаралар олиб борилди.
Ташриф давомида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва соҳага оид корхоналар Афғонистоннинг йирик компания ва тадбиркорлари билан B2B учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва саноат маҳсулотлари экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу учрашувларнинг энг муҳим натижаларидан бири — Афғонистоннинг “AFGAN CYBER” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “KASHIF FERGHANI” LTD корхонаси ўртасида 9,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги шартнома имзолангани бўлди. Келишувга мувофиқ, турли моделлардаги чарм-пойабзаллар Афғонистон бозорига етказиб берилади. Бу битим Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати маҳсулотларининг халқаро бозорда ортиб бораётган обрўси ва тан олинишига яққол мисолдир.
Ташриф доирасида “AYSAN” компанияси раҳбари Аҳмад Аймал билан ҳам учрашув ўтказилди. У Афғонистон Ички ишлар вазирлиги учун махсус хизмат пойабзалларини етказиб берувчи корхона ҳисобланади. Аҳмад Аймал Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган махсус маҳсулотларга катта қизиқиш билдирганини ва яқин келажакда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, афғонлик йирик тадбиркор Ажан Ҳабиби ҳам ўзбек чарм маҳсулотларига қизиқиш билдириб, келгусида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. “SY HORIZON” компанияси ҳам пойабзал маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдириб, Ўзбекистонга ишчи ташрифни режалаштирганини маълум қилди.
Мозори-Шарифдаги учрашувлар нафақат экспорт шартномасига асос бўлди, балки Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатининг Афғонистонда ишончли ҳамкор сифатида тан олинишига замин яратди. Чарм маҳсулотларга талаб ортиб бораётган шароитда бу каби ҳамкорликлар соҳанинг стратегик ривожи учун муҳим аҳамиятга эга.