AFD ва Ўзбекистон 2025 йил охиригача 300 миллион евро қийматида янги келишувларни имзолашни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ва Ўзбекистон 2025 йилнинг охиригача 300 миллион евро қийматида янги келишувларни имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда агентликнинг Марказий ва Шарқий Осиё бўйича минтақавий директори Амели Обер мамлакатга ташрифи давомида маълум қилди.
Амели Обернинг таъкидлашича, AFD Ўзбекистонда ўн йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Шу вақт мобайнида агентлик иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги 13 та лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун 1,6 миллиард евродан ортиқ маблағ йўналтирган. Фаолият йўналишлари орасида энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш ва ижтимоий дастурлар мавжуд.
AFD ўз фаолияти доирасида Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда ишлайди, экспертлар ёрдамини тақдим этади ҳамда Proparco ва Expertise France каби дочер компаниялари орқали хусусий инвестицияларни жалб қилади. Ушбу тузилмаларнинг Ўзбекистонга йўналтирган умумий инвестиция ҳажми мос равишда 213 миллион евро ва 20 миллион еврога тенг.
Амели Обер таъкидлаганидек, AFD Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликдан фахрланади ҳамда мамлакатда камбағаллик даражасини камайтириш бўйича эришилган катта ютуқларни юқори баҳолайди. У, шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотлар даражаси ва ривожланиш суръатларини юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорлик яқин ва узоқ муддатли истиқболда икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Энергетика соҳасида AFD қайта тикланувчи энергияга инвестиция киритиш учун қулай шароит яратишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, агентликнинг дочер тузилмаси Proparco бу йўналишда бешта лойиҳага сармоя киритган. Бундан ташқари, агентлик электр тармоқларини модернизация қилиш ва турар-жой биноларининг энергия самарадорлигини оширишни молиялаштирмоқда. Бу мақсадда 30 миллион евро миқдорида маблағ уй-жойларни изоляция қилиш ва бошқа чоралар учун кредит сифатида ажратилган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида агентлик мамлакат бўйлаб йирик ва кичик фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион евро қийматида лойиҳа амалга оширмоқда. Бу лойиҳа тўртта миллий банк орқали кредитлар беришни назарда тутади.
Қорақалпоғистонда эса 24 минг гектар майдонда саксаул, шунингдек, қўшимча 4–5 минг гектар ерда бошқа ўсимликларни экиш бўйича лойиҳа имзолашга тайёрланмоқда. Бу ташаббус экологик инқироз оқибатларини юмшатиш ва минтақада аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Амели Обер таъкидлаганидек, AFD ҳамкорликни кенгайтириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва санитария дастурларини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга интилади. Бу орқали аҳолининг бирор тоифаси ислоҳотлар жараёнидан четда қолмаслиги таъминланади.
Агентлик эришилган тажрибадан фойдаланиб, ўз лойиҳаларининг самарадорлигини янада ошириш ва Ўзбекистон фуқаролари учун амалий фойда келтиришга қаратилган фаолиятни давом эттиришни режалаштирмоқда.