Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Молия 13/08/2025 23 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қонунбузарликлар учун жарима қўлланди

23 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қонунбузарликлар учун жарима қўлланди
 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг июнь-июль ойларидаги йиғилишларида (11 марта) 59 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 37 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (7 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), микромолия банки фаолиятини амалга ошириш учун дастлабки рухсат бериш (1 та) ва банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (2 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (20 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 22 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорини шакллантирилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги ҳолатлари ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 15 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилинишида аниқланган қоидабузарликлар учун 23 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Бундан ташқари, “IMKON FINANS MIKROMOLIYA TASHKILOTI” АЖда аниқланган қоидабузарликлар учун мазкур ташкилот мижозларини молиялаштириш билан боғлиқ операцияларининг (кредитлаш, лизинг ва кафолатлар бериш, факторинг хизматлари кўрсатиш) амалга оширилиши уч ой муддатга чекланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг