2025 йилги шоли ҳосили: мамлакат бўйлаб ҳосилнинг 80,7% йиғиб олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил учун етиштирилган шоли ҳосилининг йиғи-терим мавсуми мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда изчил давом этмоқда. Жорий йилда республика бўйича жами 160,7 минг гектар майдонда шоли экилиб, 820,4 минг тонна ҳосил етиштирилди.
Айни вақтда ҳосил йиғими қизғин суръатда кечмоқда. Жорий йилнинг 24 октябрь ҳолатига кўра, 129,7 минг гектар майдонда шоли ўриб олинди, бу умумий майдоннинг 80,7 фоизини ташкил этади. Ҳосилдорлик бўйича етакчи ҳудудлар қаторида Бухоро вилояти (53,7 с/га) ва Наманган вилояти (48,7 с/га) қайд этилмоқда. Шунингдек, Хоразм (51,0 с/га) ва Сирдарё (46,9 с/га) вилоятларида ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди.
Мавсум бошидан бери республикамиз бўйича 643,9 минг тонна шоли ҳосили йиғиб олинди. Бу кўрсаткич аграр соҳа меҳнаткашларининг тиришқоқлиги ва замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланилаётганидан далолат беради.
Шоличилик соҳасида бу йил қатор янгиликлар ишлаб чиқаришга жорий этилди. Хусусан, айрим ҳудудларда дронлар ёрдамида уруғ сочиш, энергия тежовчи суғориш тизимлари ва ҳосилдор навларнинг биотехнологик танлови амалиётга татбиқ этилди. Мутасаддилар таъкидлашича, бу усуллар орқали сув сарфи ўртача 12–15 фоизга камайган, бироқ ҳосилдорлик ўсиши таъминланган.
Шу билан бирга, шоличиликда ишлаб чиқариш маданиятини ошириш, ички бозорни барқарор таъминлаш ҳамда экспортбоп навларни кўпайтириш бўйича иш режаси ишлаб чиқилган. Мавсум якунлари бўйича Хоразм, Сирдарё ва Фарғона вилоятларидаги тажриба хўжаликларида юқори натижа кўрсатган усуллар келгуси йилда мамлакатнинг барча ҳудудларига жорий этилади.