2025 йилда камерал солиқ текширувлари солиқ тўловчиларнинг 8 фоизини қамраб олди
2025 йилда камерал солиқ текширувлари солиқ тўловчиларнинг 8 фоизини қамраб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилда 45,3 мингта солиқ тўловчида камерал солиқ текширувлари ўтказилган. Бу республика бўйича фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг (567,7 мингта) 8 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда солиқ органларининг расмий маълумотларида келтирилган.
Ушбу текширувларда 36,8 трлн сўм тафовутлар аниқланган ҳамда солиқ тўловчиларга тафовутлар тўғрисидаги талабномалар юборилган.
Энг катта тафовутлар ҳажми қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келиб, 18,6 трлн сўмни ташкил этди. Шунингдек, фойда солиғи бўйича 10,9 трлн сўм, акциз солиғи бўйича 3,5 трлн сўм ва мол-мулк солиғи бўйича 1,3 трлн сўм миқдорида сезиларли тафовутлар аниқланган.
Тармоқлар кесимида энг йирик тафовутлар умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаларида қайд этилган бўлиб, уларнинг ҳажми 17,7 трлн сўмни ташкил этган.
Ишлаб чиқариш соҳасида 8,1 трлн сўм, қурилишда 4,2 трлн сўм, транспорт соҳасида 2,9 трлн сўм, қишлоқ хўжалигида эса 1,2 трлн сўм миқдорида тафовутлар аниқланган.
Камерал текширувлар солиқ тўловчилар жойига чиқмасдан, тақдим этилган ҳисоботлар ҳамда солиқ органларида мавжуд маълумотлар таҳлили асосида ўтказилади.
Уларнинг натижалари солиқ мажбуриятларини аниқлаштириш ва солиқ маъмурчилигининг шаффофлигини ошириш мақсадида қўлланилади.