11 ёшли ўзбекистонлик қиз Britain’s Got Talent ҳакамларини ҳайратга солди
11 ёшли ўзбекистонлик қиз Britain’s Got Talent ҳакамларини ҳайратга солди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик 11 ёшли хонанда Ясмина Хусниддинова машҳур Britain’s Got Talent шоуcининг 19-мавсуми саралаш босқичида иштирок этди.
Унинг чиқиши 24 март куни лойиҳанинг расмий YouTube каналида «BGT Unseen» бўлимида — асосий эфирга вақт чекловлари сабаб киритилмаган тўлиқ чиқишлар намойиш этиладиган спин-оффда эълон қилинди.
Саҳнада Ясмина ҳакамлар ҳайъатига ўзини таништириб, Буюк Британияга оиласи билан келганини таъкидлади.
Дебют чиқиши учун у «Энг буюк шоумен» фильмидаги «Never Enough» қўшиғини танлади. Ёш ижрочининг чиқиши зал ва ҳакамларда кучли таассурот қолдирди, айниқса унинг вокал техникаси алоҳида эътироф этилди.
«Овозингиз кучи ва назорати умуман бошқа даражада. Табриклайман!», — деди ҳакам Аманда Холден. Алиша Диксон эса ижрода юмшоқ ва кучли қисмларнинг уйғунлигини алоҳида таъкидлади:
«Аввали жуда нозик бошланди, кейин эса овозингизни чиройли тарзда оча бошладингиз. Қўшиқ охирига келиб сиз гўё “парвоз қилаётгандек” эдингиз».
Бошқа ҳакамлар, жумладан KSI ҳам Ясминанинг мураккаб юқори ноталарни ушлаб туриш қобилиятини юқори баҳолади. Натижада у тўртта «ҳа» жавобини олди.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Ясмина мазкур шоуда иштирок этган илк ўзбекистонлик эканини маълум қилди ва ватандошларни уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Бу Ясминанинг катта саҳнадаги илк муваффақияти эмас. 2024 йилда у «Ovoz Bolalar» лойиҳасининг биринчи мавсуми финалида учинчи ўринни эгаллаган ва DJ Pilgrim жамоасида иштирок этган.
2025 йилда эса у Италияда ўтказилган Sanremo Junior халқаро танловида Гран-при соҳиби бўлган.
Ҳозирда Ясмина бутун дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар кузатаётган Британия шоуcида бош соврин учун курашни давом эттирмоқда.
https://www.youtube.com/watch?v=k9bCUaRHg84&t=288s