Ўзбекистон ва Қозоғистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Қозоғистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев билан видеомулоқот ўтказди.
Шунингдек, у Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашди.
Видеомулоқот давомида томонлар Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммитда иштирок этишга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилдилар. Асосий экологик масалалар бўйича икки давлат позицияларини мувофиқлаштириш, кун тартибидаги устувор мавзуларни белгилаш ҳамда бўлажак тадбир доирасида тақдим этилиши мумкин бўлган қўшма ташаббуслар ва баёнотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларнинг алоҳида мавзуларидан бири ўрмон хўжалигини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Томонлар ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек, икки давлатнинг тегишли тузилмалари ўртасида илмий-техник ҳамкорликни кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув давомида сайғоқларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Музокара иштирокчилари ушбу ноёб тур популяциясини асраш бўйича қўшма чораларни мувофиқлаштириш ҳамда тегишли ҳужжатни имзолаш учун зарур бўлган кейинги қадамларни белгилаш масалаларига эътибор қаратдилар.
Томонлар атмосфера ҳавоси сифати масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Хусусан, мониторингнинг сўнгги маълумотлари, қўшма илмий тадқиқотлар ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари, шунингдек, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича давлатлараро коалиция тузиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, 2022 йил 22 декабрда имзоланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳукуматлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича амалий қадамлар муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжат доирасида Ўзбекистон — Қозоғистон қўшма комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳамда унинг таркибини тақдим этиш масалалари кўриб чиқилди.
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашув чоғида ҳам яқинлашиб келаётган халқаро тадбирлар, жумладан, Остона шаҳрида ўтказиладиган Минтақавий экологик саммит, шунингдек, Самарқандда режалаштирилган Глобал экологик фонднинг ВИИИ Ассамблеяси ва Eco Expo 2026 халқаро кўргазмаси доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш, жумладан, айрим саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларини бошқа ҳудудларга кўчириш имкониятлари, трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ҳамда сайғоқ популяциясини сақлаш бўйича қўшма чоралар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида экология соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш умумий экологик муаммоларни самарали ҳал этиш ва минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.