logo
ЎЗ
РУ EN ЎЗ
  • Ўзбекистон
  • Иқтисод
  • Молия
  • Технологиялар
  • Биржалар
  • Маданият
  • Спорт
  • Туризм
ЎЗ
РУ EN ЎЗ

Мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқ

Мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқ

05/04/2022 14:18

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Бу борада кўплаб Фармон ва Қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди.

Чунки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди.

Бунинг яна бир муҳим жиҳати, мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқ. 

Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, муҳташам спорт саройлари, замонавий талаблар даражасида бунёд этилган стадионлар, спорт залларига кўзингиз тушади.

Бу комплекслар доимо ёшлар билан гавжум ва уларда уч босқичли узулуксиз тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. 

Албатта, энг чекка ҳудудлардан ҳам иқтидорли болаларни танлаб олиб, уларни профессионал ёндашувлар асосида тарбиялаш бу соҳани янада ривожлантириш, янги чемпионларни кашф қилиш орқали халқаро ареналарда Ўзбекистон байроғини янада баландроқ кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Чу мақсадда кейинги йилларда спорт-таълим муассасаларини кўпайтириб, уларнинг фаолиятини яхшилаш, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бу ишларга профессионал спорт усталарини жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда 2020-2024 йилларда босқичма-босқич 23 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини қуриш ва уларнинг 68 та филиалларини ташкил этиш белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 14 мартдаги гимнастика бўйича Оксана Чусовитина ҳамда бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари ҳам бу борада яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди. 

Афсонавий спортчи Оксана Чусовитина махсус спорт мактаби очилаётгани бежиз эмас.

Чусовитина илк бор 1992 йилда Барселона Олимпиадасида иштирок этган бўлса, ўшандан буён узлуксиз саккиз марта ушбу нуфузли мусобақада қатнашди.

Бу дунё спорти тарихида ҳақиқатан бетакрор ҳолат бўлиб, ўзбек спортчисининг Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганидан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. 

Олимпия, жаҳон ва Осиё ўйинларининг бир неча бор ғолиби, кўплаб халқаро мусобақалар совриндори Баҳодир Жалолов нафақат ўзбек бокси ривожига, балки дунёда ушбу спортнинг янада оммалашувига катта ҳисса қўшаётган саноқли спортчилардан биридир.

Бугун минглаб ёшлар айнан ушбу фахрни спортчимиз каби боксчи бўлишни орзу қилиб, спорт мактабларига келаётгани ҳам Б. Жалоловга берилган баҳодир. 

Қарорда Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорат мактабларининг асосий вазифалари, молиялаштириш манбалари белгиланди.

Уларни зарур спорт анжомлари ва ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш учун давлат бюджетидан ҳар бир мактаб учун жами 25 миллиард сўм ажратилади.

Чунингдек, мактабларда ишлайдиган ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан амалга оширилади. 

2022-2023-ўқув йилидан фаолиятини бошлайдиган замонавий гимнастика мактаби Тошкент шаҳрининг Миробод тумани,

Саракўл кўчаси, 24 м-уй манзилида, бокс мактаби эса Юнусобод тумани,9-мавзеда жойлашган 259-сон умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида ташкил этилади.

Гимнастика мактабининг умумий контингенти жами 165 нафарни ташкил этиб, улар 1-11 синф ўқувчиларидан иборат бўлади.

Бокс мактабининг контингенти эса жами 175 нафарни ташкил этиб,мактабга асоасан 5-11-синф ўқувчилари қабул қилинади. 

Махсус спорт мактабларини ташкил қилишдан бош мақсад турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақалар – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари,

универсиадалар ҳамда бошқа спорт турнирларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир халқаро миқёсдаги спортчиларни тайёрлашдир.

Бу саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўз натижасини кўрсатиши турган гап.

Чунки Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов каби спортчилар қўлида таҳсил олган шогирдлар албатта, халқаро ареналарда устозлари каби катта натижаларни қўлга киритиб,

Ўзбекистон номини янада дунёга танитишга ҳаракат қилишига шубҳа йўқ. 

 

Лазиз ҲАСАНОВ, халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон таеквон-до (ИТФ) миллий ассоциацияси президенти

 

Охирги янгиликлар

Японияда Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

27/09/2023Батафсил

ФАО Ўзбекистонда чигирткага қарши курашишни яхшилаш учун махсус ускуналар топширди

26/09/2023Батафсил

Темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

25/09/2023Батафсил

МБ валюта курслари 22/09/2023

$ 1 12190.01 +0.098%
€ 1 12987.24 -0.314%
₽ 1 126.91 +0.674%
Бошка валюталар »
  • Рио-2016
  • Сайлов-2016
logo
  • Гувоҳнома: №0601
  • Берилган санаси: 28.10.2009 йил
  • Муассис: DAILY MEDIA ХК
  • Сайт раҳбари: Умаров Анвар Абрарджанович
  • Таҳририят манзили: 100180, Тошкент шаҳри, Юнусабад 12-27-73
  • Электрон манзил: info@uzdaily.com

Биз хакимизда

  • About Us
  • Condition of Use
  • Privacy Policy
  • Gadgets
  • Advertisement

Социал тармоқлар

  • Facebook

  • Twitter

  • Google+

  • Telegram

© 2007-2022 UzDaily.uz. Ҳамма ҳуқуқлар ҳимояланган. UzDaily.uz интернет-нашри ОАВ сифатида 0601 рақами билан 28.10.2009 й. давлат рўйхатидан ўтган. Ҳамма хизматлар лицензияларга, маҳсулотлар эса сертификатларга эга.

18+