logo
ЎЗ
РУ EN ЎЗ
  • Ўзбекистон
  • Иқтисод
  • Молия
  • Технологиялар
  • Биржалар
  • Маданият
  • Спорт
  • Туризм
ЎЗ
РУ EN ЎЗ

Президент Наврўз байрамини ўтказиш тўғрисида қарор имзолади

Президент Наврўз байрамини ўтказиш тўғрисида қарор имзолади

01/03/2017 17:17

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.

Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:

1. 2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

2. Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

Наврўз кунларида инсоннинг табиат билан узвийлигини, ўзини унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

барча шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;

Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;

янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини кенг жалб этиш;

сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, элу юртнинг дилидан чуқур жой олган, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

3. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 28 февраль

Охирги янгиликлар

Сирдарёда 5 гектар ерни 40 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

28/01/2023Батафсил

Асосийси миқдор эмас, балки самарадорлик

28/01/2023Батафсил

Аҳоли сонининг ортиши ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига қандай таъсир кўрсатади?

27/01/2023Батафсил

МБ валюта курслари 27/01/2023

$ 1 11320.02 +0.242%
€ 1 12334.29 +0.380%
₽ 1 164.02 +0.098%
Бошка валюталар »
  • Рио-2016
  • Сайлов-2016
logo
  • Гувоҳнома: №0601
  • Берилган санаси: 28.10.2009 йил
  • Муассис: DAILY MEDIA ХК
  • Сайт раҳбари: Умаров Анвар Абрарджанович
  • Таҳририят манзили: 100180, Тошкент шаҳри, Юнусабад 12-27-73
  • Электрон манзил: info@uzdaily.com

Биз хакимизда

  • About Us
  • Condition of Use
  • Privacy Policy
  • Gadgets
  • Advertisement

Социал тармоқлар

  • Facebook

  • Twitter

  • Google+

  • Telegram

© 2007-2022 UzDaily.uz. Ҳамма ҳуқуқлар ҳимояланган. UzDaily.uz интернет-нашри ОАВ сифатида 0601 рақами билан 28.10.2009 й. давлат рўйхатидан ўтган. Ҳамма хизматлар лицензияларга, маҳсулотлар эса сертификатларга эга.

18+